Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Жиззах вилояти ҳокимининг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Жиззах халқига табриги

Жиззах вилояти ҳокимининг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Жиззах халқига табриги

21 март 2019 йил
276
0

 Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли дўстлар! 

Жаннатмакон она юртимизга барчамиз орзиқиб кутган гўзал ва дилбар фасл - Наврўзи олам кириб келмоқда.

Мана шу улуғ айём, шарқона янги йил билан сиз азизларни — Муҳтарам отахон ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, жондан азиз суюкли фарзандларимизни, каттаю-кичик юртдошларимизни ва бутун Жиззах аҳлини чин юракдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик ва тотувлик, файз ва барака тилайман.

Муҳтарам дўстлар!

Бу йилги Наврўз байрами вилоятмизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида умумхалқ сайллари тарзида ўтказилаётганлиги унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда.

Воҳамиздаги азиз инсонлар бир бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду-хуррамлик билан нишонламоқдалар.

Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайл ва томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқдалар. Ўзаро меҳр оқибат, саҳоват ва муравват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан мамалактимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Халқимизни қувонтирган тарихий янгилик, яъни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида замонавий, намунавий типдаги арзон уй-жойлар, мактабгача таълим, умумтаълим ва тиббиёт муассасалари, маориф ва маданият масканлари барпо этилаётир. Шаҳар ва қишлоқларимиз кун сайин чирой очиб, юқори қувватли янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушмоқда.

Айниқса, Муҳтарам Юртбошимизнинг юксак ғамхўрлиги ва алоҳида эътибори туфайли ўтган йили мамалакатимиз тарихида илк бор, миллатлараро тотувлик рамзи сифатида Дўстлик туманининг “Манас” қишлоғи ҳамда шу йилнинг ўзида 20 асрнинг иккинчи ярмида Мирзачўл чўлини ўзлаштирилиши давомида вақтинчалик барак типидаги уйлардан ташкил топган Мирзачўл тумани марказини “Обод қишлоқ”қа айлантирилиши мазкур ҳудудда яшовчи меҳнаткаш ва  олийжаноб халқимизнинг яшаш шароити ва турмуш даражаси бутунлай ўзгача қиёфада акс этишига сабаб бўлди десак асло муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил январь ойида вилоятимизга ташрифи давомида Мирзачўл тумани марказида амалга оширилган кенг кўламли ишлар мисолида вилоятимизнинг барча туман марказларини ва Жиззах шаҳрининг замонавий архитектура қиёфасини яратиш, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш ва Мусатақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Айни пайтда мазкур топшириқ ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг барча туман марказлари ва Жиззах шаҳрида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.

Бу йил ҳар йилгидан фарқли равишда Мусатақиллигимизнинг 28 йиллиги нишонланиши борасида вилоятимизнинг барча туманлари ва Жиззах шаҳри қайта қурилиб, замонавий кўриниш олади, таниб бўлмас даражада ўзгаради.

Олиб борилаётган барча ҳайрли ислоҳотларимиз замирида олийжаноб, меҳнаткаш ва оқкўнгил халқимизни рози қилишдек эзгу мақсад мужассамдир.

2019-йил вилоятимизда кўплаб опа-сингилларимиз давлат мукофаатлари билан тақдирланди.

Шулардан, Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоят ҳокимининг ўринбосари -  Мухторова Назира Абдусатторовна “Дўстлик” ордени билан, Мирзачўл туман 2-сон мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси – Бобожонова Нигора Мамировна “Шухрат” медали билан ҳамда қизлармиздан Йўлчиева Зухра Умматқул қизи ва Умарова Сабина Султон қизи “Зулфия” номидаги Давлат мукофаати билан тақдирландилар.

 

Ҳурматли юртдошлар !

Жаҳон тажрибасида фаол инвестицион сиёсат олиб борувчи мамлакатлар ривожланишида юқори муваффақиятларга эришаётганлигини инобатга олган ҳолда Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йилга мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилди.

Бунда, асосий устувор вазифалар этиб, ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёшларни муносиб таълим билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш эканлиги белгилаб олинди.

Вилоятимизда жорий йилда умумий қиймати 7 триллион 44 миллиард сўмлик 412 та инвестиция лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 11 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Жумладан, саноат соҳасида умумий қиймати 4,3 триллион сўмлик 125 та, хизмат кўрсатиш йўналишида умумий қиймати 565 миллиард сўмлик 160 та ва қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 2 триллион сўмлик 127 та лойиҳаларни ишга тушириш белгилаб олинган.

Мазкур инвестиция лойиҳаларни амалга  ошириш билан бирга жорий йилда 438 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаширитилиши кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш орқали вилоятимизда яшовчи ҳар бир инсоннинг ҳаёт даражасини ошириш имконига эга бўламиз.

Зеро, Инвестициялар – иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи, бошқа соҳалар ва  муайян ҳудуд ривожланишга хизмат қилувчи, янги технологиялар ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилувчи куч демакдир.

Қадрли дўстлар!

Наврўз – янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи.

Бобо деҳқонларимиз янги йилнинг йоғин-сочинга мўл, серҳосил, қут-баракали келишини, тўкин-сочин бўлишини сўраб дуога қўл очган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг хилма-хиллигини кўпайтириш орқали халқимиз дастурхонини тўлдириш асосий вазифамиз ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йил ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмоқда.

Айни пайтда миришкор деҳқонларимиз 102 минг 500 гектар ерга экилган ғалла майдонларида униб чиққан майсаларни меҳр билан парваришламоқдалар.

Мақсадимиз – экилган ғалладан камида 40 центнердан  70 центнергача ҳосил йиғиб олиш бўлиб, шу мақсад сари тинимсиз меҳнат қилишимиз ва халқимиз хонадонини донга тўладиришимиз даркор.

Бугунги кунда саноат ва деҳқончиликнинг барча бўғинларида кластерларни жорий этиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб турибди.

Шу мақсадда жорий йилда амалга ошириладиган пахтачилик, ғаллачилик, паррандачилик ва чорвачилик йўналишида кластер тизимини кенг жорий этиш билан қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарорлаштиришга ҳамда вилоятимиз иқтисодиётини юксалтиришга эришамиз.

Жумладан, шу кунларда Фориш туманида “Караман” сув омбори қурилиши уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Жорий йилда мазкур сув омборидан олинадиган сув ҳисобига Фориш туманида 10 минг гектар узумчилик агрокластерини ташкил этиш кўзда тутилган.

Экспортга чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида жорий йилда ҳар бир туманда камида 25-30 гектардан замонавий типдаги иссиқхоналар ташкил қилинади.

Шунингдек, вилоятда бўш турган лалми ер майдонларидан унумли  фойдаланиш ва ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш мақсадида 2500 гектар писта, 500 гектар бодом, 500 гектар  ёнғоқ ва 200 гектар мевали боғ плантациялари барпо қилинади.

Ҳурматли, вилоятимиз миришкор деҳқон ва фермерлари!

Шу ўринда жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича олдимизга қўйилган улкан режаларни ортиғи билан бажарилишида сизларга куч-қувват ва шижоат ҳамроҳ бўлишини яратгандан сўраб қоламан.

Зеро, бугун Сиз, олижаноб ва оқкўнгил вилоятимиз аҳлининг дастурхонини бут ва тўкис қилишдек ўта масъулиятили вазифани уддалашингизга ишончимиз комил.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Халқимизда “Тинч юртга байрамлар, тўйлар ярашади” деган теран мазмун-моҳиятга эга ҳикматли ибора бор. Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, Муҳтарам Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли халқимиз тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Орзу ниятлага етишиш учун юрт истиқболи йўлида  фидокорона меҳнат қилмоқда. Фарзанд ва невараларини тарбиялаб камолини кўрмоқда. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Бугунги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўриб, осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаб етамиз.

Мана шу мунаввар лаҳзаларда сиз, азизларга, бутун халқимизга энг эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман. 

Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларни изҳор этаман!

Наврўзи олам юртимизга тинчлик, омонлик, бахт-саодат, қут-барака олиб келсин!

Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин!

Барчамизнинг эзгу орзу ниятлармиз ушалсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар