Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Пахтакор туманида хориж билан ҳамкорлик натижасида чорвачилик ривожланмоқда

Пахтакор туманида хориж билан ҳамкорлик натижасида чорвачилик ривожланмоқда

31 май 2019 йил
403
0

“Ҳар бир оила—тадбиркор” дастури доирасида аҳолининг даромад олиш борасидаги лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, серҳосил мева-сабзавот экинларини экиш, наслли чорва молларини етиштириш, тайёр маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш тўғрисидаги хукумат қарорлари ижроси Пахтакор туманида ҳам ҳаётга изчил татбиқ этилаётир.

Президентимизнинг шу йил 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириғига кўра, туманда 2019-2020 йилларга мўлжалланган 47 та лойиҳани амалга ошириш  белгиланган.

Бугун Пахтакор туманида 17 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улар халқимиз дастурхонига арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш билан бирга қишлоқ ёшларининг бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшишаяпти.

Беҳзод Яхшибоев ўттиз олти ёшда. У “Навбаҳор” ҳудудий фермер хўжаликлари уюшмасида “Беҳзод наслли моллари” чорва хўжалигини ташкил этган. Айни пайтда бу ерда 186 бош Германиядан келтирилган голштин наслли қорамоллар парвариш қилинаяпти. Голландиядан тарқалган қора-ола, қизил-ола, гронинген зотлари Европа, АҚШ, Канада, Японияда урчитилади.

Голштин зоти йирик, маҳсулдорлиги  билан ажралиб туради.  Бузоқларининг туғилгандаги вазни 36-42, катта ёшдаги сигирлар 550-650, буқалар эса 800-1000 килограммгача тош босади.  Голланд сигирлари кўп сут бериши билан машҳур. Йилига ўртача 5500-6000 литр сут соғиб олиш мумкин.

—Наслли молларни тўғри боқиш, ёши, вазни, жинсини эътиборга олиш муҳим,—дейди фермер Беҳзод Яхшибоев.—Меъёрдаги озуқалар берилиши молнинг маҳсулдорлигини оширади. —Сифатсиз озуқа билан боқилган мол эса ривожланишдан тўхтайди.

Айни пайтда хўжаликда 50 бош сигирнинг ҳар бошидан 25 литрдан сут соғиб олинаётир. Маҳсулот Пахтакор шаҳри ва вилоятимизнинг бошқа туманларидаги харидорларга етказиб берилаяпти. Ўн нафар қишлоқ ёшларини доимий иш ўрни билан таъминлаган фермер янги лойиҳалар устида ишлаяпти. Айни кунларда фермер  қўшимча замонавий чорва мажмуасини барпо этмоқда. Бу йил Беҳзод Россия Федерациясининг Уфа шаҳридан қиймати 60000 АҚШ долларини ташкил қилувчи сутни кайта ишлаш ускунасини олиб келиб, ўрнатмоқчи. Корхона ишга тушгач, яна 12 нафар қишлоқ ёшлари иш билан таъминланади. Шунингдек, тадбиркор Германиядан 33 бош қорамол келтиришни ният қилган.

— Президентимизнинг 2019 йил 18 мартдаги “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мени руҳлантириб юборди, — дейди Беҳзод Яхшибоев.  —Насиб қилса, экспортбоп чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариб, янги иш ўринлари ташкил қилмоқчимиз.

Зоир ЭРГАШЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар