Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Яшараётган, янгиланаётган Арнасой

Яшараётган, янгиланаётган Арнасой

19 июль 2019 йил
456
0

Бундан 40-45 йил муқаддам Арнасой номини эшитган киши кўз ўнгида қум барханлари, чангалзору янтоқзорларга бурканган чўл гавдаланарди.

Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи  куядиган Арнасой чўллари ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ўзлаштирила бошланди. Чўл ўрнида янги бўстон барпо бўлди. Мустақилликдан сўнг вилоятнинг кенжа туманида замонавий уй-жойлар, таълим, маданият, санъат даргоҳлари қурила бошланди.

Бугун туман марказига йўлингиз тушса, бу ерда олиб борилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. "Илғор ҳудуд", "Обод марказ", "Обод қишлоқ" Давлат дастурлари ва 2019-2020 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаси асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари изчил олиб борилмоқда. Туман газ таъминоти, электр тармоқлари корхонаси, телекоммуникация боғланмаси, "Баркамол авлод" болалар маркази биноси, "Раҳмон" жоме масжиди, маданият саройи биносида жорий ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Туман прокуратураси биносига битта қўшимча назорат ўтказиш пункти қурилди.

150 ўринли "Элноза" нодавлат мактабгача таълим муассасаси, меҳмонхона комплекси, ёшлар гузари, кутубхона, китоб, савдо дўконлари, 100 ўринли тикувчилик цехи, ички ишлар биноси, прокуратура ва мажбурий ижро бюроси, давлат хизматлари ва бандликка кўмаклашиш марказлари, 1 та 4-қаватли уй, "Тоза ҳудуд" ДУК филиали, автобекат, автомобилларга ёқилғи қуйиш, овқатланиш шохобчалари ва сервис хизмати кўрсатувчи жами 30 та янги қурилаётган объектларда иш қизғин. Ободонлаштириш ишларига 500 нафар ишчи, 37 та техника жалб этилган.

Ҳудуддаги 41 та кўп қаватли уйнинг том қисми янгиланди. Кириш йўлаклари, фасад қисми таъмирланди. 15 та уйнинг деворларига ранг берилди. 828 та дераза ромлари замонавий акфа ромларига алмаштирилди. 4 та кўп қаватли уйга ичимлик суви қувурлари тортилиб, оқава сув тармоқларига  уланди. Кўп қаватли уйлар яқинида 8 та тандирхона қурилаяпти.

5-сонли "Наврўз" мактабгача таълим муассасаси, 1-, 2-, 5-, 8-, 10-, 20-, 22-мактаблар, туман тиббиёт бирлашмаси, болалар-ўсмирлар спорт мактаби биноси ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ишларига республика бюджетидан 4 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 18 километрлик қувур ётқизилмоқда. «Арнасой» шаҳарча фуқаролар йиғини ҳамда "Олтин водий" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудига 1200 п/м янги газ қувури тортилди. 572 п/м газ қувури демонтаж, 1212 п/м тармоқ таъмирланди. Тошкент, Амир Темур, Ибн Сино кўчаларидаги газ тақсимлаш ускуналари янгисига алмаштирилди.

12950 метр ёпиқ кабель, 5385 метр очиқ электр симлари тортилди. «Бобур», «Олтин водий»,  Ғафур Ғулом, «Арнасой» шаҳарча ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кўчаларга 5 та трансформатор,  239 та темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 60 та эскирган электр таянч устунлар олиб ташланди. «4Р-198» Дўстлик-Олтин водий Зафаробод-Гагарин автомобиль йўлининг 3 километрига 450 та лоток, 25 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Пиёдалар йўлакчасига 760 та бетон плита ётқизилди. «4 К-225» автомобиль йўлининг бир километрига 40 та лоток, 25 та тунги чироқлар ўрнатилди.

Лойиҳага кўра туман марказининг 7 километрлик ички йўлларини таъмирлаш, 3,5 километр пиёдалар йўлакчасини қуриш режалаштирилган. Кўча ва йўлаклар атрофига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. "Обод қишлоқ" Давлат дастури доирасида тумандаги "Чўлқувар", "Зарафшон", "Дўстлик" қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

 ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

Президентимиз жорий йилнинг 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Арнасой туманида 2019-2020 йилларга мўлжалланган 32 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича топшириқ берган эди. Дастурга мувофиқ 352 миллиард 96 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, 2382 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Истиқболли лойиҳалардан бири — ҳудудда Вьетнам тажрибаси асосида "МТТ Sea Food" масъулияти чекланган жамияти томонидан балиқчилик хўжалиги ташкил этилаяпти. 2,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳада балиқ  еми ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Айни пайтда ускуна-жиҳозларни ўрнатиш ишлари якунига етиб қолди. Корхона ишга тушгач, 40 нафар маҳаллий ёшларнинг бандлиги таъминланади.

"Айдар-Арнасой" балиқчилик дирекцияси томонидан балиқ етиштиришни ташкил этиш мақсадида 26 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра  инкубация цехлари, балиқ човоқларини  етиштириш учун ҳавзалар ташкил этиш мақсадида дирекция ихтиёрига 450 гектар ер майдони ажратилди. Бошқарув моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2 та катер ва бошқа керакли техника воситалари билан таъминланди. Ҳозирда балиқ човоқлари учун репродуктор (парваришхона)лар, сунъий сув ҳавзаси ташкил қилинмоқда.

 «ARNASOY GOLD TEKS»

ЁРЛИҒИ БИЛАН

Лойиҳа қуввати 51 миллиард сўмни ташкил этган "ARNASOY GOLD TEKS" масъулияти чекланган жамиятида ҳам иш қизғин. Экспортбоп юқори сифатли мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ишга тушгач, 1000 нафар қишлоқ хотин-қизлари иш билан таъминланади. Корхонада йилига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарилади. "ZARIN" (Хитой), "SIKUPA"(Таиланд) ва бошқа машҳур компания ва фирмаларнинг 450 та тикув дастгоҳлари олиб келиниб, ўрнатилмоқда. Тайёр маҳсулотлар Туркия, Россия, Германия ва Осиёнинг бир қатор давлатларига экспорт қилинади. 

ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТАДИ

Туманнинг "Зарафшон" фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги "Олтин юлдузли узумзор"  фермер хўжалигининг 100 гектар майдонига ток кўчатлари экилган. Боғдорчилик,  винобоп узум навларини ривожлантириш лойиҳанинг асосий мақсади.  Аҳамиятли томони экилган кўчатлар  учинчи йилда ҳосилга киради. Узумзорда оралиқ экинлар помидор, бодринг, ошқовоқ, ловия, қовун, тарвуз ҳам парвариш қилинаяпти.

Шу ҳудудда "Арнасой Бег Агро" масъулияти чекланган жамияти ҳам фаолият кўрсатмоқда. Жамият аъзолари 400 гектар майдонга экспортбоп ерёнғоқ навини экишган. Сентябрь ойида   пишиб етилган ҳосил асосан Европа мамлакатларига экспорт қилинади. Шунингдек, уч турдаги қовун нави ҳам юз фоиз экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.

Хуллас,  Арнасой яқин кунларда юртимизнинг энг кўркам масканларидан бирига айланади. Инсон ақл-заковати билан яратилаётган бу гўзаллик қалбларда эзгу ҳисларни уйғотиб, яхши яшашга, эртанги кунга ишонч, одамлар онгида шу юртга бўлган муҳаббат туйғусини янада оширади.

Зоир ЭРГАШЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар