Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Бахмаллик Анқабой Худойбахтов ким бўлган?

Бахмаллик Анқабой Худойбахтов ким бўлган?

04 сентябрь 2019 йил
281
0
Ў з л и к 

Тарихий ҳақиқатнинг тикланиши мураккаб даврларда юз берган воқеа-ҳодисаларни тўғри англашга, уни тўғри ўрганиш ва адолатли хулоса чиқаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 
Ватанимиз тарихининг ҳали ўрганилмаган, тадқиқ қилинмаган саҳифалари кўп. Айниқса, энг зиддиятли давр бўлган ўтган асрнинг 30-50- йилларида қатағонга учраганлар орасида номи атайлиб унутилган ёки халқимизга унчалик маълум бўлмаганлар ҳам бор.
СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг 1938 йил 4 октябрдаги сайёр йиғилишларида ўзбекистонлик 507 нафар сиёсий маҳбус устидан ҳукм чиқарилган. Ўлимга ҳукм қилинганлар орасида Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Пўлат Солиев, Ғози Олим Юнусов, Абдулҳай Тожиев, Акбар Исломов, Анқабой Худойбахтов, Санжар Сиддиқ, Қурбон Берегин, Аъзам Айюб, Отажон Ҳошимов каби таниқли зиёлилар кўпчиликни ташкил этади.
Улар ўлимидан анча йил ўтиб оқланди. Мустақиллик йилларида уларнинг пок номларини тиклаш ишлари янада чуқурлашди. Бу йўналишдаги изланишлар бугунги кунда ҳам давом этаётир.
Аммо улардан айримларининг ҳаёти ва фаолияти ҳамон кенг жамоатчиликка яхши маълум эмас. Анқабой Худойбахтов ана шулардан бири.
Хўш, Анқабой Худойбахтов ким бўлган?
1971 йилда нашр қилинган “Ўзбек совет энциклопедияси"да келтирилишича, Анқабой Худойбахтов 1903 йили Жиззах вилоятининг Бахмал тумани Юмалоқбош қишлоғида туғилган, ўлган йили номаълум. Ўзбек адабиётшуноси, драматурги ва журналисти. У зиёли оиласида дунёга келган, интернат-мактабда тарбияланган, 1926-1928 йилларда Москва журналистлар курсида таҳсил олган. “Зарафшон”, “Ишчи” газеталарида муҳаррир, “Қизил Ўзбекистон" газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Кўп йиллар Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимини бошқарган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби, СССР ёзувчилар уюшмаси пленуми аъзоси бўлган. 1934 йил Ёзувчилар уюшмаси қошида “Ёш ишчи ёзувчилар” кабинетини ташкил этган. Республика радиоэшиттириш давлат қўмитаси раиси лавозимида ҳам фаолият юритган. “Қандай қилиб шеър ва ҳикоя ёзиш керак” (1927), “Ғайратий ижоди” (1934), “Душманга берилган минбар” (1934), “Ёзувчи С.Айний ижоди ҳақида” (1936) каби адабиётшуносликка оид мақолалар, “Шодмон”, “Армон”, “Сўнгги юлдузлар” драмалари муаллифи.
Ёзувчи Набижон Боқийнинг Абдулла Қодирий ҳаётига бағишланган “Қатлнома” ҳужжатли қиссасида собиқ НКВД архивидан олинган Анқабой Худойбахтов билан боғлиқ маълумотларда “1938 йили А.Қодирийнинг “бир гуруҳ ўртоқлар” томонидан давлат хавфсизлиги бошқармасига жўнатилган хулосада: “...халқ душмани Анқабой таҳрири остида нашр этилган бошқа бир китобини – “Обид кетмон”ни олиб кўрамиз”, дейилган жумла келтирилади.
Қиссада архивда сақланаётган 976522-сонли жиноий ишдан олинган маълумотномада қуйидаги қайд ҳам бор:
“Анқабой Худойвоҳидов. 1905 йили Ўзбекистоннинг Ғаллаорол депарасида туғилган. Ўзбек. СССР фуқароси. Оилали. Олий маълумотли. 1925 йилдан бери ВКП(б) аъзоси. Ёзувчи-драматург. ЎзССР Шўро ёзувчилари уюшмаси президиумининг аъзоси. Радио эшиттириш қўмитасининг раиси”.
Манбаси келтирилган ҳужжатларда ёзилишича, 1937 йил 9 август куни Анқабой Худойвоҳидов ички ишлар халқ комиссарлиги маҳкамаси томонидан ҳибсга олинган. У 1937 йил 10 август куни тергов қилинган пайтда Шўро ёзувчилари уюшмасидаги ва адабий жамоатчилик ўртасидаги аксилинқилобий ташкилотга қуйидаги шахслар: Мўмин Усмонов, Раҳмат Мажидий, Қурбон Берегин, Отажон Ҳошимов, Зиё Саидов, Умаржон Исмоилов, Аъзам Аюпов, Машриқ Юнусов – Элбек, Уйғун, Ҳамид Олимжон, Ойдин Собирова, Санжар Сиддиқов аъзо эканини қайд этади.
Негадир Анқабойнинг фамилияси тергов ҳужжатларида “Худойбахтов”, “Худойбахитов”, “Худойвоҳидов” тарзида қайд этилади. Унинг туғилган йили ҳам 1903 эмас, “1905”, икки йил ёшартириб ёзилган.
Олий суд Ҳарбий ҳайъатининг мажлисида Худойвоҳидов ўз айбига иқрор бўлмайди: ҳеч қандай аксилшўровий ташкилотга аъзо бўлмагани, зараркунандачилик ишлари билан шуғулланмагани тўғрисида кўрсатма беради. Дастлабки тергов жараёнида берган барча кўрсатмаларини инкор этади. Шунга қарамасдан, СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъати 1938 йил 5 октябрь куни Худойвоҳидовни буржуй миллатчиларининг аксилшўровий, қўзғолончилик, одамкушлик, зараркунандачилик, бузғунчилик ташкилотининг фаол аъзоси сифатида қатор моддалар бўйича айбдор, деб топади ва олий жазо – отувга ҳукм қилади. 
Ҳукм Тошкент шаҳрида 1938 йил 4 октябрь куни ижро этилади.
Кўриниб турибдики, жазо суд ҳукми чиқишидан бир кун олдин ижро этилган эди.
Умуман, тарихимизнинг энг зиддиятли даврида яшаган Анқабой Худойбахтов ҳақида маълумотлар жуда кам. Борларида ҳам ўша давр каби зиддиятли, бири иккинчисини инкор этадиган ҳолатлар учрайди. Бу ноаниқликни унинг туғилган йили, фамилиясидаги турли хилликда ҳам кўриш мумкин. Бунинг устига, Мустақиллик йилларида ҳам бу тарихий шахснинг ҳаёти ва ижоди ўрганилган эмас.
Тўғри, ўтган асрнинг 80-йилларида қатағон даври ҳақида изланиш олиб борган журналист Ислом Усмонов ноҳақ қурбон бўлган бир қатор ўзбек зиёлилари, жумладан, Анқабой Худойбахтов ҳақида мақолалар эълон қилди. Бу инсоннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларга анча аниқлик киритди. Шундан сўнг Анқабой Худойбахтов туғилиб ўсган қишлоқдаги мактабга унинг номи берилиб, уй-музейи ташкил қилинди, хотира тадбирлари ўтказилди.
Аммо Анқабой Худойбахтовнинг асарлари қатағон даврида ўзи билан бирга йўқ қилингани боис унинг ижоди ҳақида кўпчилик айтарли маълумотга эга эмас. Асарлари ўша даврда йўқ қилинганининг ўзи ҳам улар бадиий, маънавий аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади. Чунки унинг ёзганлари миллатни уйғотишга, миллий маънавиятни юксалтиришга хизмат қилмайдиган асарлар бўлганида уни йўқ қилишга ҳожат қолмасди.
Аслида ҳам унинг қатл этилишига сабаб ёзганлари, ижодий ташкилотда ишлагани эмасми-ди?!.
Шу нуқтаи назардан, учта драматик асар, ўнлаб адабий-танқидий мақолалар ёзган, Абдулла Қодирийнинг “Обид кетмон”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романларига муҳаррирлик қилган, марказий нашрларда муҳаррир, ижодий ташкилотларда раҳбар сифатида ишлаган инсоннинг ижодий фаолияти ўрганишга арзирли. Бу тарихимизни, адабиётимизни, маданий меросимизни борича тиклаш, ёшларимизни тарихий ҳақиқатдан воқиф қилиш учун ҳам зарурдир.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар