Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » МАЪНАН ЮКСАК, МУСТАҚИЛ ФИКРЛИ ОДАМ ҲЕЧ ҚАЧОН АЛДОВГА УЧМАЙДИ

МАЪНАН ЮКСАК, МУСТАҚИЛ ФИКРЛИ ОДАМ ҲЕЧ ҚАЧОН АЛДОВГА УЧМАЙДИ

17 сентябрь 2019 йил
127
0

Диний экстремизм тинчлик кушандаси бўлиб, кўплаб халқлар учун талофат келтирмоқда, миллионлаб оилаларда мотам йиғиси янграмоқда, ота-оналар, ёшлар ва беайб болаларнинг қони тўкилмоқда.

Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг саксон фоизи ислом дини байроғи остида ноқонуний амалга оширилмоқда. Террорчи гуруҳларга кўрсатилаётган молиявий ёрдам кўлами кенгайиб бормоқда. Биргина МДҲ таркибидаги мамлакатлар ҳудудида фаолият юритувчи террорчи ташкилотларга 60 га яқин диний ташкилотлар, 100 га яқин хорижий компаниялар ва ўнлаб банклар ҳомийлик қиляпти. Террорчи ташкилотлар даромад орттириш мақсадида босқинчилик, товон ундириш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, қимматбаҳо тошлар ва металл контрабандаси, сохта пул ва қимматли қоғозлар ишлаб чиқариш, фоҳишабозлик уйлари ва қиморхоналар очиш каби жиноий усуллардан кенг кўламда фойдаланишяпти.  

Диний экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажовузкор сиёсий фаолиятдир.

Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 500 га яқин террорчи ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига «ал-Қоида», «Мусулмон – биродарлар», «Ҳизбут-таҳрир», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра» (Миср), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех», «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир), ваҳҳобийлар, «Абу Нидал гуруҳи», «Қуролли ислом гуруҳи», «АУМ Синрикё», Басклар ва озодлик Ватани, «ал-Жамоа ал-Исломия», «Ўзини мудофаа қилиш инқилобий кучлари» каби ташкилотларни киритиш мумкин.

Бу ташкилотлар Марказий Осиёда минтақа халқлари учун анъанавий бўлган ҳанафий мазҳаби ва мотуридия ақидасини рад этиб, мусулмонларга сиёсийлаштирилган ғояларни сингдиришга уринмоқда. Улар «мавжуд муаммолар мусулмон жамоалари исломий тусини йўқотгани сабабли мавжуд, уларнинг назарида «кофир» ҳисобланган ҳукуматларни ағдариб ташлаш лозим» каби сохта диний шиорлардан фойдаланиб сиёсий ҳокимиятга интилмоқда.

Масалан, Марказий Осиёда турли қиёфаларга кириб, яширин фаолият олиб борган «Ҳизбут-таҳрир» диний экстремистик партиясининг мақсадларидан бири Фарғона водийсидаги Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг вилоятларини бирлаштириб, ҳалифалик тузумига асосланган диний-теократик давлат тузиш бўлган. Ва улар бу мақсад йўлида бир қатор террористик фаолиятни амалга оширишди.

Диний экстремистик ташкилотларнинг асосий фаолият услублари сифатида экстремистик руҳдаги, шу жумладан, «Жиҳод», «шаҳидлик» ғоялари тарғиб қилинган адабиёт, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш ва унинг аъзоларини махсус (радикал диний ташвиқот юритиш, қўпорувчилик ва ҳ.к) тайёргарликдан ўтказиш ва ўз тарафдорларини давлат структураларига киритишга уриниш, яширин «ҳужраларда» ўқиётганларга мутаассиб тушунчаларни сингдириш, аёллардан иборат ячейкаларни кучайтирш, ижтимоий-сиёсий ҳолатни мунтазам равишда қоралаш, расмий диний идора вакилларини обрўзсизлантириш ҳамда бевосита террористик акциялар ўтказишни кўрсатиш мумкин.

Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолияти кузатилаётган диний экстремистик гуруҳлар қаторига «Ўзбекистон-Туркистон ислом ҳаракати» (ЎИҲ), «Ислом жиҳоди гуруҳи», «Ҳизбут-таҳрир», «Акромийлар», «Нурчилар» ва «Таблиғчилар» киради. Бу ташкилотлар юртимизда кўплаб жиноий ҳаракатларни содир қилишди. Уларнинг фаолияти қонли тўқнашувларга, бегуноҳ фуқароларимизнинг нобуд бўлишига олиб борди. «Акромийлар» ҳаракатининг 2005 йил 12 майда Андижонда содир қилган қўпорувчилик ҳаракатлари бутун республикамизни ва дунёни ларзага солди. Уларнинг барчаси юртимизда конституцион тузумни ағдариб ташлаш мақсадида содир этилган.

Қайд этилган фактлар фуқароларимиз, айниқса, чегарадош ҳудудларда ҳушёрликни янада оширишни ҳамда чегара ҳудудида яшовчи аҳоли ичида ёт ғояларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг таъсирчанлигини ошириш талаб этилади. Масалан, бундай ташкилотларга мансуб шахслар Самарқанд вилоятида ҳам кузатилмоқда.

Ўзининг инсонлик қиёфасини йўқотган ақидапараст бу разил кимсалар ортида катта молиявий маблағ ва бошқа имкониятларга эга юқоридаги каби экстремистик ташкилотлар турибди.

Халқаро диний экстремизмнинг кучайиши туфайли бизнинг мамлакатимизга Афғонистон орқали нафақат наркотик моддалар транзитини йўлга қўйишга уринишлар фаоллашди, балки диний экстремистик ғояларни кенг тарқатишга ҳаракатлар кучайди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг диний қадриятларга тўла эркинлик берилди. Ўзбекистонда мустақилликка эришгунга қадар атиги 90 га яқин масжидлар бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 3 мингтадан ошиб кетди. Айрим маҳаллаларда турли уйдирма гаплар, варақалар тарқатаётган, ўғирлик, бузғунчилик қилаётган ғаразли кимсаларнинг, дин номидан қабиҳ ният билан юргизаётган одамларнинг ҳаракатларига бепарво бўлиш – бу уларга ёрдам бериш билан тенгдир. Ваҳоланки, бундай беғамлик аянчли оқибатларга, оғир фожеаларга олиб келиши мумкин.

Тинчликни сақлаш, уни мустаҳкамлаш кундалик ишимиз, муқаддас бурчимиз экан, ҳар қайси фуқаро, аввало, ўз вазифасини виждонан адо этиши ғаразли мақсадда қилинаётган уйдирма ва миш-мишларга берилмасдан, содир бўлаётган воқеаларга очиқ кўз билан қараши, ўз уйи, ўз маҳалласи, шаҳар-қишлоғида осойишталик барқарор бўлиши учун жон куйдириш, огоҳлик ва ҳушёрликни ўз ҳаётининг мезонига айлантириши зарур.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар