Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » » Жиззах вилояти ҳокими Э.А.Салиевнинг  Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 27 йиллиги билан байрам ТАБРИГИ

Жиззах вилояти ҳокими Э.А.Салиевнинг  Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 27 йиллиги билан байрам ТАБРИГИ

27 август 2018 йил
830
0

Ассалому алайкум, азиз дўстлар ва ҳурматли меҳмонлар!

Авваламбор, Сиз азизларни ва бутун вилоятимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 27 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Бу йил халқимиз Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма етти йиллигини “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя билан байрам қилаяпти. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Ўтган йигирма етти йил давомида мамлакатимиз ва хусусан, Жиззах вилоятида асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, тарих билмас ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидаги улкан бунёдкорлик ишларини кўриш, қалбан ҳис этишнинг ўзи етарли деб ўйлайман.

Фахр билан айтиш керакки, биз бугун жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга, иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, эркин фуқаролик жамияти сари дадил қадам ташлаётган келажаги буюк ва қудратли мамлакатда яшамоқдамиз. Хусусан, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан белгилаб берилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ниҳоятда улуғвор мақсадлар ўз ифодасини топган. Бу дастурий ҳужжатда Ўзбекистонни  дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айлантириш, инсон манфаатларининг устуворлигини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилган. Унинг замирида халқнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдек эзгу ният мужассам.

 

 

Қадрли байрам иштирокчилари!

 Истиқлолнинг 27 йили давомида эришилган ютуқларни, қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг яна бир ташаббуслари билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури элимиз учун ҳаётбахш аҳамиятга эгадир. Мазкур дастур доирасида мамлакатимизда биринчи бўлиб бизнинг вилоятимизда — Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида кишини ҳайратлантирадиган, дилда фахр, ифтихор уйғотадиган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Бу дастур 6 минг 500 нафардан ошиқ манасликларнинг ичимлик суви, электр ва газга бўлган эҳтиёжини давр талаби даражасида қондиришга омил бўлди. Ҳудуддаги 34 та кўп қаватли уйлар ва 1024 та якка тартибдаги уй-жойлар тўлиқ таъмирдан чиқарилди, 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим муассасаси, маданият саройи, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла фуқаролар йиғини каби бир қатор бино ва иншоотлар капитал таъмирланиб, замонавий кўриниш касб этди.

Эътиборлиси, ушбу йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳа юртимизнинг, хусусан вилоятимизнинг барча ҳудудларида ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда.

Чунончи, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида шаҳар ва туманлардаги жами 35 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 565 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобига 10452 та якка тартибдаги аҳоли уйлари ва кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, 176,6 километр ичимлик суви тармоқларини қуриш, 305 километр электр тармоқларини янгидан тортиш,
250 километр ички йўлларни таъмирлаш, 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган. Ҳозирда белгиланган вазифаларни тўла-тўкис уддаланиши юзасидан вилоятнинг барча туманларида изчил тадбирлар амалга оширилаяпти.

Шу ўринда Муҳтарам Юртбошимизнинг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Шу юксак эътибор туфайли 2018 йил 4 майда “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан 2018-2020 йилларда “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобидан Жиззах вилоятини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳасига 448 миллиард сўм режалаштирилиб, жорий йилнинг ўзида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 160 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Фаол ижтимоий сиёсатни амалга оширишни давом эттириш мақсадида яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож қишлоқ оилалари учун 656 та, ижтимоий ҳаётда фаол бўлган ёш оилалар учун 28 та, ҳарбий хизматчилар учун 90 та, миллий гвардия хизматчилари учун 30 та, ички ишлар хизматлари учун 60 та, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари учун 73 та, ички ишлар профилактика инспекторлари учун 54 та ва фавқулотда вазиятлар хизматчилари учун 30 та арзон уй-жойларни қуриш ишлари бошланиб, яшаш учун барча қулайликларга эга бўлган хонадонлар босқичма-босқич ўз эгаларига топширилмоқда.

Шу билан бирга, қўшимча Мирзачул тумани Гагарин шаҳридаги эски барак типида қурилган 54 та уйлардаги яшовчи 380 та оила учун арзон баҳоли намунавий типдаги барча қулайликларга эга бўлган 4 та кўп қаватли
72 хонадонли ва 241 та хонадон учун 4 сотихли 1 қаватли уй-жойлар яқин кунларда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, уй-жойларга аҳоли кўчиб кириши таъминланмоқда.

Жорий йилда жами 4718 та ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 600 тага кўп уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилиши таъминланади. Мазкур уй-жойларнинг 1568 таси намунавий лойиҳадаги уй-жойлар ва 3150 таси аҳоли томонидан якка тартибдаги қурилаётган уй-жойлардир.

Ҳурматли дўстлар!

Мамлакатимизда 2018 йил Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"деб эълон қилинди.

Вилоятимизда "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"даги Давлат дастурида белгиланган тадбирларни ўтган давр мобайнида изчил амалга оширилиши натижасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, айниқса иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда бир қатор ижобий  натижаларга эришилди.

Хусусан, Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш йўли билан умумий қиймати 204 миллиард сўмлик янги лойиҳалар ишга туширилди. Бунинг эвазига 1400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Саноат корхоналарида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жихатдан янгилаш жараёнларининг жадаллашиши натижасида 2018 йилнинг ўтган етти ойи мобайнида 1 триллион 611 миллиард. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланиб, ўсиш суръати 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 104,0 фоизни ташкил этди.

Хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб–қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чора–тадбирларни амалга оширилиши натижасида, кичик бизнес томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 111 фоизга ошиши таъминланди.

Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар 2018 йилнинг ўтган даврида 1433 та кичик бизнес субъектларини ташкил этиш имконини берди ва жами кичик бизнес корхоналари сони 11 мингтадан оширилди. Бу 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 113 фоизга кўпдир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 73,5 фоизни ташкил этди.

Жиззах вилоятига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш, табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва мехнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат соҳаларини жадал ривожлантириш орқали янги технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда аҳолининг бандлиги ва турмуш даражасини изчил ошириш мақсадида Хукуматимизнинг фармойишига асосан 29-30 август кунлари Жиззах шаҳрида Халқаро инвестицион Форум ва мамлакатимиздаги товар ишлаб чиқарувчиларнинг Миллий кўргазмаси ўтказилади.

Ушбу Халқаро инвестицион Форумда 29 та давлатдан (Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Хиндистон, Латвия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Украина ва бошқа) 206 тадан ортиқ ҳорижий компаниялар иштирок этади.

Барчамизга аёнки, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг ўтган даврида вилоятда 26 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилиб, бугунги кунда фаолият юритаётган ушбу турдаги корхоналар сони қарийб 100 тадан оширилди.

Хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган мега лойиҳалардан бири бу Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги “Хорижий инвестициялар иштирокидаги “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзавтосаноат” Акциядорлик компанияси ва “Peugeot Citroen Automotive” гуруҳи ўртасидаги келишув асосида бунёд этилаётган автомобиль заводидир.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида барпо этилаётган мазкур заводда 2019 йилдан бошлаб янги русумдаги машиналар ишлаб чиқаришга киришилади. Завод йилига 16 минг дона замонавий енгил тижорат автомобиллари тайёрлаш қувватига эга бўлади. Маҳсулот ички бозордан ташқари, 50 фоиз экспорт ҳам қилинади.

Шунингдек, заводда ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати, етказиб бериш ва савдо масалалари замонавий тизим асосида олиб борилади. Энг муҳими, бу ерда дастлабки йилдаёқ автомобиль эҳтиёт қисмлари етказиб беришга ихтисослаштирилган, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги 30 га яқин йирик ва 160 дан ортиқ ўрта ҳамда кичик корхоналарни жалб қилиш эвазига 50 фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. 

Энг муҳими, мамлакатимиз автомобиль саноати ривожида яна бир зарҳал саҳифа очаётган мазкур янги қўшма корхонанинг ишга туширилиши вилоятимиз аҳолисини бандлигини таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшади. Чунки бу ерда 600 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади. 

Шунингдек, жорий йилда амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан яна бири - шубҳасиз бу Фориш туманидаги “Уч-қулоч” конини очиқ усулда ривожлантириш инвестиция лойиҳасидир. Йилига 500 минг тонна полиметалл рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 68 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 180 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Ҳурматли келажагимиз бунёдкорлари - азиз вилоятимиз ёшлари!

Барчангизга аёнки, Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йил 27 июндаги  фармонига асосан “Yоshlаr - kеlаjаgimiz” Давлат дастури қабул қилинди. Дастурга асосан, ёшлар билан суҳбат қилиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шу асосда уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбар-ходимларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳлари фаолият юритмоқда.

Улар томонидан “Ёшлар-келажагимиз” давлат дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган вилоятдаги 714 нафар ёшларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, 32 миллиард 402 миллион сўмлик ёшларнинг бизнес лойиҳалари республика жамғармасига тақдим этилди. Мазкур давлат дастури доирасида Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманларида 9 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун бўш турган бинолар ажратиб берилди.

Давлат дастурига асосан қўшимча ташаббус билан Арнасой, Дўстлик, Шароф Рашидов, Зарбдор, Пахтакор, Фориш ҳамда Янгиобод туманларида “Ёш тадбиркор” коворкинг марказлари ташкил этилмоқда. Дўстлик, Пахтакор ҳамда Фориш туманларида “Ёш тадбиркор” коворкинг марказлари учун бинолар ажратилиб, марказлар ўз фаолиятини бошлаш арафасида турибди.

“Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини ташкил этиш бўйича Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зафаробод, Пахтакор, Мирзачўл ва Янгиобод туманларида қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Албатта, бундай олий мақсадларга эришиш барчамиздан фидойилик ва машаққатли меҳнатни, катта синовлардан ўтишни, Юртбошимиз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттиришни, юксак ватанпарварликни, бир ёқадан бош чиқариб, бирдамлик билан баҳамжиҳат ҳаракат қилишни талаб этади.

Азизлар!

Мустақиллик байрамимизнинг яна бир қувончли жиҳати шундаки, ушбу шодиёна арафасида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари билан барча соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак унвон ва мукофотлари билан тақдирландилар. Улар орасида вилоятимизнинг фидойи вакиллари борлигидан ҳам фахрланамиз.

Ушбу юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган юртдошларимизни бутун вилоятимиз аҳли номидан қизғин муборакбод этаман.

Ҳаммангизни Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар