Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Нуронийлар гурунгида байрам мавзуси

Нуронийлар гурунгида байрам мавзуси

22 август 2018 йил
232
0
"Нуроний” жамғармаси Жиззах вилояти бўлими қошида ташкил этилган "Нуронийлар маскани” ҳар куни кўпни кўрган қариялар билан гавжум. Бу ерда энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами, юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар аҳамиятига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жамғарма бўлимларининг моддий базаси мустаҳкамланди. Жамғарманинг вилоятлардаги бўлимлари қошида "Нуронийлар маскани” ташкил этилди. Бу ерда фахрийларнинг фаоллигини ошириш, ёшлар билан тез-тез учрашиб, бой ҳаётий тажриба ва билимини жамият равнақи йўлида сарфлашига кенг имконият яратилди. 
 
Капитал реконструкция қилинган "Нуронийлар маскани" 6 хона ва 80 ўринли фаоллар залидан иборат. Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари, Президентимизнинг нуронийлар билан учрашувлари, вилоятнинг фаол фахрийлари ҳамда жамғарма фаолиятига доир ҳуқуқий ҳужжатлар акс эттирилган стендлар билан жиҳозланган масканнинг ташқи кўринишиёқ одамда ҳавас уйғотади. Маскан ҳудудига мевали, манзарали дарахтлар, турфа гуллар экилган. 
 
Маскандаги 500 дан ортиқ китоб фондига эга кутубхонада фахрийлар бадиий, сиёсий адабиётлар, марказий газета ва журналлар, шунингдек, вилоят нашрларининг янги сонларини ўқиши мумкин. 
 
"Нуронийлар маскани” вилоятдаги "Хотира хиёбони” ёнида барпо этилгани бу ерга келувчиларни кўпайтирмоқда. Бугун бу ерга кимдир хотира ёдгорлигини зиёрат қилиш, кимдир кўпни кўрган қариянинг маслаҳатини олиш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш, бошқаси эса кутубхонадан китоб олиш учун келмоқда. 
 
Вилоятда фаолият кўрсатаётган 6 та миллий маданий марказнинг "Дўстлик уйи” ҳам шу маскан ёнида жойлашган. Бу миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга бағишланган тадбирларни ҳамкорликда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
 
Йилнинг ўтган даврида масканда "Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари, маҳаллалар фуқаролар йиғини раисларининг ёшлар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, маслаҳатчилари иштирокида амалий семинарлар ўтказилди. "Кексаларнинг ижтимоий ҳимоясида жамоат ташкилотларининг ўрни” мавзусида давра суҳбати, "Китоб ҳақида хитоб” номли китобхонлик тадбирлари ташкил этилди. 
 
Бундан ташқари, фахрийларнинг дам олиши учун ёзги павильон мавжуд. Айни пайтда бу ерда шахмат-шашка тўгараги фаолият кўрсатаётир. Шахмат тўгараги иштирокчилари ташаббуси билан фахрийлар ва ёшлар иштирокида шахмат бўйича "Авлодлар беллашуви” мусобақаси ўтказилди. 
 
Маскан ҳудудидаги 60 ўринли чойхонада кексаларнинг дастурхон атрофида гурунглашиб, дам олиши учун барча шароит яратилган. Бу даврада бўлаётган суҳбатларга қулоқ тутсангиз, катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийларнинг мулоҳазаларидан ўзига хос сабоқ оласиз. Бу суҳбатлар, ҳаётий маслаҳатлар асносида қайсидир нотинч оилага осойишталик кириб бормоқда, тўй-ҳашамлар камхарж ўтишига ҳисса қўшилмоқда. 
 
Маскан фаолиятини "Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими маслаҳатчиси Баҳром Жўраев жамоатчилик асосида бошқариб келаётир. 110 нафар фахрий ва 40 дан зиёд ёшлар доимий фаоллар ҳисобланади. 
 
"Нуронийлар маскани” фаолиятининг йил бошида ишлаб чиқилган иш режасида Мустақиллик байрамига бағишланган тадбирларга алоҳида ўрин берилган. Айни кунларда тадбирлар режасида белгиланган ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мавзусида уруш қатнашчилари, фронт орти ва меҳнат фахрийларининг ёшлар билан учрашувлари, давра суҳбатлари ўтқазилмоқда. 
 
– Давлатимиз ғамхўрлиги билан бу ерда барча шароит яратилган, – дейди Баҳром Жўраев. – Замонавий компьютер жамланмалари, алоқа воситалари, стол-стул, гилам-поёндоз билан тўлиқ таъминланган маскан айниқса, Мустақиллик байрами арафасида ростакамига маънавият ва маърифат марказига айланди. 
 
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида "Нуронийлар маскани” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилаётир. Айни пайтда барча туманларда масканлар учун замонавий бинолар қуриш мақсадида ер участкалари ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилган. Яқинда Шароф Рашидов ва Пахтакор туманларида капитал реконструкция қилинган биноларда ана шундай масканлар фойдаланишга топширилди. 
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар