Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Зомин туризм ва экотуризм салоҳияти

Зомин туризм ва экотуризм салоҳияти

24 май 2018 йил
279
0

 Туризм — иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан бири сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади. Хусусан, қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришда мазкур соҳанинг ўрни беқиёс.
   
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида Ҳаракатлар стратегиясида сиёсий партиялар дастурларига киритилган ва улар томонидан сайлов жараёнларида кўтарилган долзарб муаммоларнинг ечими бўйича ҳам чора-тадбирлар белгилангани, лекин уларнинг ижросини таъминлашда ташаббус ва амалий ишларнинг камлиги борасида танқидий фикр билдирди. 

Шу боис соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, Президентимизнинг 2016 йил 6 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини қатъий назоратга олиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий таклифлар билан чиқишда ЎзМТДП фракцияси аъзолари билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва партия ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётир. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, Жиззах воҳасида туризм ва экотуризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва амалий ёрдам бериш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида ЎзМТДП Жиззах вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Жиззах вилоят бўлими ходимлари билан Зомин туманида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.  
    
  — Сангзор воҳасининг энг сўлим жойларидан бири — Зомин туманидаги зиёрат манзиллари ҳам халқимизнинг тарихий, маънавий қадриятларини, улуғ уломалари, азиз авлиёлари ва уларнинг абадий қўним топган муқаддас қадамжоларини ҳозиргача асраб-авайлаб келаётганлигининг намунасидир, — дейди ЎзМТДП Зомин тумани Кенгаши раиси, Ўразали Бердибеков. — Бу ердаги масканларда шифобахш сувлар, қум ва балчиқларни тиббий жиҳатдан ўрганиш, тарихий қабристонлардаги ёзувларни, тарихий шахслар билан боғлиқ манбаларни нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда “кўз-кўз” қилиш юртимизга ташриф буюрувчи тадқиқотчи, тарихчи, ислом дини мутахассислари ва хорижий меҳмонлар оқимини кучайтиради. 

Ўрганишлар давомида гувоҳи бўлганимиздек, тумандаги зиёратгоҳлар ва муқаддас қадамжоларнинг кўпчилиги ўтмишда ўзбек халқи тарихида намуна сифатида из қолдирган амирлар, хонлар, ислом оламидаги машҳур авлиёлар, ислом таълимотини яратган олиму-фузалоларнинг номлари билан боғлиқ.

Хусусан,  Зомин шаҳридан тоғ томонга 5 чақирим  узоқ масофада жойлашган зиёратгоҳ, “Кўк тўнли ота” хонақоҳи. Унда тўхташ жойи, ошхона тармоғи бор. Ёдгорлик таъмирланган. Деҳқончиликда кароматлар кўрсатган, “Меҳнат қилсанг ҳамма ерда ҳосил бўлади” шиорини тарқатган авлиё жойи бўлганлиги боис деҳқонлар кўпроқ зиёрат қилишади.

“Хўжаи Сароб ота” Пишағар қишлоғида жойлашган маскур зиёратгоҳ.  Боғдорчилик ва узумчилик бўйича машҳур боғбон, авлиё бўлган,  Нақшбандия тариқатида ном чиқарган тарихий инсон, маҳаллий аҳолини илм-маърифатга ўргатган шахс Мавлоно Муҳаммад Пешоғорий яшаб ўтган масккан.

“Хўжа Шоҳимардон Шердор” зиёратгоҳи Туркман қишлоғида жойлашган. Ривоят қилишларича бу шахснинг авлоди ҳазрати Алига бориб тақалади. Ҳозирда “Хўжа Шоҳимардон Шердор”  зиёратгоҳи сўлим булоқ атрофидаги кўкаламзор боғ ичида жойлашган. 

“Парпи ота” Ялпоқбош қишлоғидаги Моргузар тоғлари орасида жойлашган мазкур  зиёратгоҳ  ривоятлар бўйича суфийлик тариқатининг асосчиларидан бири, улуғ зот Абдуҳамид Ғаззолий қадами теккан қадамжо дейилади.

“Хожа Қаҳҳор Вали” масжиди Зомин шаҳрида жойлашган. Масжид XV асрда қурилган, ҳозир қайта тикланган. Унда хонақоҳ ва тош ёдгорликлар, атрофида 2000 ёшли тут дарахти бор. Манбаларда бу сўлим масканда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдурахмон Жомий каби буюк шахслар ташрифи қайд этилган.  

Еттикечув қишлоғидаги “Арчамозор ота” қабристони. Унда Мулла Назар Валининг қабри бор. Бу қабристон 1000 йиллик тарихга эга. Атрофида арчазор, шифобахш булоқлар бор. 

Ҳудудда бундай зиёратгоҳ, сўлим масканлардан яна ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Депутатлар ва соҳа мутахассислари ўрганишлар давомида бундай қадамжоларда туристик экскурсия инфратузилмаларини яратиш, транспорт хизмати, дам олиш, таомлар хилма-хиллиги борасида аниқ ва тизимли ишларни амалга ошириш лозимлигини қайд этишди. Бу, ўз навбатида, ҳудуднинг туризм ва экотуризм салоҳияти янада ошишига ва натижада маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланиши, турмуш шароити яхшиланиши мумкин. 

Ўрганишлар давомида олиб борилган таҳлилларга кўра туманда туризм ва экотуризмни ривожлантириш борасида қуйидаги таклифлар асосида ишларни амалга ошириш лозимлиги кўзда тутилмоқда.

Зомин Миллий боғига кириш чипталари билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб чиқиш, боғ худудидаги дам олиш масканлари ва туман  қишлоқларидаги  меҳмонхона уйларини қайта хатловдан  ўтказиб, уларга туристик сертификат олиш чораларини кўриш, дам олиш масканларида ишлаётган ходимларнинг сервис соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш ва санитария гигиена ҳолатини жиддий кўрикдан ўтказиш, миллий боғ ва ўрмон хўжаликлари ҳудудида экосўқмоқларни талаб дараржасида жиҳозлаш ва расмийлаштириш зарур.

Яна бир муҳим эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳат маҳаллий аҳолининг кўпчилик қисми ўз ҳудудидаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва шифобаҳш масканлар хақида маълумотларга эга эмаслигидир. Шу маънода туманнинг туристик имкониятлари хақида тарғибот ишларини янада кенгайтириш, бу хақида оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар бериб бориш зарур. Ҳудуддаги мавжуд тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва шифобаҳш масканларда турли кўнгилочар тадбирлар, фестиваллар ва акциялар ташкил этиш орқали маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг ташрифини янада кучайтириш мумкин. 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар